Одатий саволлар
Домен номи нима?
Домен номи Интернет тармоғидаги веб-сайт ёки электрон почта манзилини аниқлашга ёрдам беради (мисол учун www.uzinfocom.uz, ёки www.cctld.uz) ва электрон почта манзили ёки сайт номининг асосини ташкил этади. Домен номи лотин алифбоси ҳарфларидан, сонлардан ва оралиқ белгиси-дефисдан иборат бўлиши мумкин.
Домен номини қандай қилиб рўйхатдан ўтказиш мумкин?
Домен номини рўйхатдан ўтказиш учун расмий рўйхатдан ўтказувчи томонидан (рўйхатдан ўтказувчининг офисида, расмий веб-сайтида ёки e-mail бўйича) берилган рўйхатдан ўтказиш формасини тўлдириш, сўнгра тегишли шартномани тузиш лозим.
Ким домен номини рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқига эга?
Ҳар қандай жисмоний ва юридик шахс миллати ва яшаш жойидан қатъи назар, «UZ» доменидаги домен номини рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқига эга. Домен номларини рўйхатдан ўтказиш рўйхатдан ўтказувчи билан ариза берувчи ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.
Домен номини аноним тарзда рўйхатдан ўтказиш мумкинми?
Йўқ. «UZ доменидаги домен номларини рўйхатдан ўтказиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан Ариза берувчи ўз аризасида ўзи ҳақида тўлиқ ва ишончли ахборот беришга мажбурдир. Аризада келтирилган нотўғри маълумотлар рўйхатдан ўтказишда рад жавобини бериш учун асос бўла олади. Рўйхатдан ўтказувчи аризани текширишда ариза берувчидан тақдим этилган маълумотлар ҳаққонийлигини тасдиқловчи ҳужжатларни сўрашга ҳақлидир».
UZINFOCOM Марказида домен номини рўйхатдан ўтказиш мумкинми?
Йўқ. “UZINFOCOM Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб қувватлаш бўйича ягона интегратор” Масъулияти чекланган жамияти UZ доменидаги домен номларини рўйҳатдан ўтказмайди.
«UZ» домени ҳудудида домен номини рўйхатдан ўтказиш нархи қанча?
Домен номларини рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш нархлари расмий рўйхатдан ўтказувчилар томонидан мустақил равишда белгиланади.
Рўйхатдан ўтказилган домен номининг амал қилиш муддати қанча?
Домен номини рўйхатга олиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш муддати бир йилдан ўн йилгача.
Домен регистрацияси тугагандан сўнг, кўшимча период иш даври қандай?
Регистрация тугаши пайтидан бошлаб, домен номи учун кўшимча период иш даври 7 иш кун.
Рўйхатдан ўтказиш жараёни қанча вақт талаб этади?
Расмий рўйхатдан ўтказувчининг ҳисоб рақамига тўлов маблағлари келиб тушгандан сўнг икки кундан ортиқ бўлмаган муддатда домен номи рўйхатдан ўтказилиши лозим.
Мавжуд бўлмаган сайт учун домен номини рўйхатдан ўтказиш мумкинми?
Ҳа. Ҳозир домен номини рўйхатдан ўтказиб, кейинроқ сайтни ишга туширишингиз мумкин.
Битта расмий рўйхатдан ўтказувчидан домен номини рўйхатдан ўтказиб, бошқа биридан эса хостинг хизматларини сотиб олса бўладими?
Албатта. Негаки, ҳамма рўйхатдан ўтказувчилар ҳам бир вақтнинг ўзида ҳам интернет-, ҳам хостинг провайдерлик хизматларини тақдим этмайдилар.
Мен Самарқанд шаҳрида истиқомат қиламан. Қандай қилиб домен номини сотиб олишим мумкин?
Сиз ўзингиз истаган расмий рўйхaтдaн ўткaзувчилaрнинг бирига мурожаат қилишингиз ва у билан тегишли шартнома тузишингиз лозим. (Рўйхaтдaн ўткaзувчилaрга қаралсин).
Доменни бошқа регистраторга ўтказиш қанча вақт талаб қилади?
Регистратор, домен номи Маъмуридан (эгасидан) хабар олган вақтидан бошлаб, икки иш куни мобайнида, доменни янги регистраторга ўтказиши шарт.
Домен номини узайтириш учун тўлов амалга оширилмаганда уни қанча вақтдан сўнг бошқа шахс сотиб олиши мумкин?
«UZ» доменлари учун ушбу давр етти иш кунни ташкил қилиб, шу давр ичида домен номи ўчирилган холда туради. Шу давр ичида домен номи эгаси уни пул тўлаш йўли билан чўздириши ёки муддатидан олдин ўчирилишини талаб қилиши мумкин.
Сотувга чиқарилмайдиган домен номлари рўйхати мавжудми?
Ҳа. Бундай захираланган домен номлари «UZ» домени Маъмури томонидан рўйхатдан ўтказилади ва ушбу домен номларидан давлат эғ;тиёжлари учун, умумфойдали мақсадлар ва юқори даражали доменни барқарор фаолият юритишини таъминлаш мақсадида фойдаланилади. «UZ» ҳудудида захираланган домен номлари рўйхати «UZ доменидаги домен номларини рўйхатдан ўтказиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомда» келтирилган.
Домен рўйхатдан ўтказилган. Сайт ишлаши учун нима қилиш керак?
Аввало сайтингиз учун хостинг майдончасидан жой сотиб олишингиз зарур. Сўнгра сиз томондан рўйхатдан ўтказилган домен сизнинг веб-серверингиз IP-манзилини кўрсатиши учун рўйхатдан ўтказувчига ns-сервер номи ва IP-манзили ҳақида маълумот беришингиз лозим.
Киберсквоттинг нима ва қандай қилиб киберсквоттинг даражаси белгиланади?
Киберсквоттингга берилган энг реал ва оммавий таърифларидан бири бу – учинчи шахсларнинг ҳуқуқларини бузган ҳолда домен номини рўйхатдан ўтказиш. Киберсквоттинг оқибатида одатда - муаллифлик ҳуқуқи, маҳсулот белгиси ҳуқуқи (shell.de), жисмоний шахс исми ҳуқуқи (mikerosowt.com, madonna.com), корхона ёки ташкилот номи ҳуқуқи (barcelona.com, uni-stuttgard.com), одилона рақобат қоидалари (altavsita.com, nasdak.com) бузилади. Киберсквоттинг фақатгина доменлари олиб сотиш билан боғлиқ эмас. Ушбу тушунча «Киберсквоттинг» терминининг жуда тор маъносидир. Умуман олганда ушбу термин қандайдир фойда олиш мақсадида бировнинг ҳуқуқларини бузган ҳолда амалга оширилган ҳаракатларни белгилайди. Хуллас, Киберсквоттинг - учинчи шахс ҳуқуқларини бузган ва маълум бир фойдани кўзлаб амалга ошириладиган домен номини рўйхатдан ўтказишдир. Бу ерда “ортирилган фойда” кенг маънода тушунилади ва нопок йўллар билан топилган имтиёзларни ўз ичига олади. (Саволга Самандар Атоев жавоб берди)
20 та домен номини рўйхатдан ўтказган шахс киберсквоттер ҳисобланадими?
Агар барча 20 домен номи тегишли йўналиши бўйича (масалан, маълум бир лойиҳа учун) фаолият кўрсатаётган булса, унда бу киберсквоттинг ҳисобланмайди. (Саволга Самандар Атоев жавоб берди)
Porno сўзининг ўзи беҳаё бўлмагани ва бу доменда беҳаё ахборот ресурси бўлмаслигини ҳисобга олган ҳолда, Porno доменини рўйхатга олиш мумкинми?
Бу масалага эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак. “Порно” (porno) сўзи кенг ишлатиладиган сўздир. Бу сўз инсонийлик ва ахлоқий тамойилларга қанчалик қарама-қарши келиши унинг қаерда ишлатилишига боғлиқ. Шу каби сўзларни рўйхатга олиш жамиятнинг маънавий ва ахлоқий қадр-қимматларини бузмайди, лекин шуни назарда тутади. Бу ном фойдаланувчининг турли қизиқишлари асосида ҳам танланилади. Чунки доменни оммалаштиришда (шу билан бирга домендаги бизнесни ривожлантиришда) фойдаланувчининг қизиқишидан ушбу ном орқали фойдаланилади, аниқроғи ном орқали фойдаланувчининг эътибори доменга тортилади. Бизнеснинг бундай фаолиятини адолатсиз рақобат деб ҳисобласа бўлади. Бироқ бу далилнинг асоссизлиги, ҳақиқатдан ҳам бундай домен фаолиятни тугатилишига манфаатдор шахсларни топиш жуда қийинлигига қараб белгиланади. Шунинг учун "porno.uz", "sex.uz" ва шунга ўхшаган доменларни рўйхатга олишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўриш даркор. Бундай доменларни рўйхатга олиш тавсия этилмайди. Улар “хавфли доменлар” сирасига киради. Бизнесга тўғри келадиган доменни рўйхатга олиш ва уни оммалаштириш тавсия этилади. (Саволга Самандар Атоев жавоб берди)
Домен номи билан мос келадиган номга эга бўлган фирма пайдо бўлганида домен номини узатиш масаласини ким аниқлайди?
Мавжуд хорижий амалиётга мувофиқ, миллий даражадаги домен номлари бўйича низолар ушбу мамлакатнинг ваколатли органи томонидан ҳал қилинади. Одатда бу суд. UZ домен зонасида UZ доменидаги домен номларини рўйҳатга олиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ фаолият, шунингдек UZ доменидаги домен номларининг бевосита таъсир курсатадиган шахслар билан муносабатларини тартибга солиш UZ домени доменларини рўйҳатдан ўтказиш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2008 йил 23 июндаги 1830-сон буйруғи.
105 пунктга асосан. Домен номи қонун билан белгиланган тартибда ёки қонуний кучга кирган суд қарори асосида бекор қилиниши ёки ўчирилиши мумкин. Шунинг учун, бу масала бўйича ваколатли суд органига мурожаат қилиш керак.
Сайтдаги маълумотлар “Интелектуал мулк” тушунчасига тенг бўладими ва “муаллифлик ҳуқуқи” ҳимоясига тушадими? Ким ушбу ҳолатни ҳал қилади?
Сайтдаги маълумотларнинг ўзи муаллифлик ҳуқуқи объектидир. Ушбу муаммо муаллифнинг ўзи, муаллиф ҳуқуқи эгаси ёки бошқа манфаатдор шахслар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади. Юзага келган баҳсли ҳолат суд томонидан ҳам ҳал қилиниши мумкин.


